Ҳаким Термизий мақбараси

Кўҳна Сурхон воҳаси ўзининг мард ўғлонлари, танти полвонлари билангина эмас, балки ислом дунёсидаги буюк Термизий нисбатли алломалари билан ҳам донг таратган.

IX асрда қурилган Ҳаким Термизий мақбараси Термиздаги қадимий меъморий ёдгорликдир. Бу турли давр қурилишлари мажмуаси бўлиб, ягона бир бутун меъморий обидани ташкил этади. Обида XI, XII, XIII ва XV асрларда Эски Термиз қалъасининг шимоли-ғарбида барпо этилган.

Бу ерда IX асрда яшаган суфийлик–ҳакимийлик (диний файласуфлик) йўналишининг ташкилотчиси, машҳур диний-фалсафий асарлар муаллифи, дин арбоби, йирик зоҳид Абу Абдуллоҳ Муҳаммад бин Али бин Ҳусайн ал-Ҳаким ат-Термизийнинг хоки ётибди.

Ҳаким Термизий мақбараси қадимги хонақоҳ ҳужраларидан бирига қурилган. Термизий шу ерда мурид-шогирдлари ва бошқа дарвешларни қабул қилган, улар билан суҳбатлашган. Вафот этгач, шу хонақоҳда дафн қилинган.

X–XI асрларда Термизий мақбараси атрофига ибодатхоналар қурилган. XI асрда мақбаранинг шимолида уч гумбазли айвон, айвон ғарбий деворида пишиқ ғишт билан қопланган меҳробдан иборат дуо-таъзия масжиди барпо қилинган. Мақбара бир неча марта таъмирланган. Чингизхон вайрон қилгунга қадар, XII асрда ҳам таъмир этилган. XIII аср охирларида Термизда мўғул босқинчилари вайронагарчилиги асорати тугатилгандан кейин мажмуа бирмунча кенгайтирилган. Бунинг асосий сабаби Ҳаким Термизийнинг обрўси дин ҳомийси сифатида янада ошганлиги билан боғлиқдир.

XV аср бошларида Амир Темурнинг невараси Халил Султон Термизга ҳукмронлик қилган даврда мақбаранинг шимоли-шарқий қисмида ҳашаматли хонақоҳ қурилган. Бу олдинги биноларга нисбатан бошқача кўринишда бўлган.

Шоҳрух замонида Ал-Ҳаким Термизий мозори устига оқ мармарли муҳташам сағана ўрнатилади ва мақбара қурилади.

Мақбара – умумий кўриниши анъанавий усулда пишиқ ғиштдан бунёд этилган, атрофида бир неча ҳужралари бор. Мақбаранинг марказий қисмида (айлана гумбаз тагида) Ҳаким Термизий сағанаси жойлашган.

У тахминан милодий 880 йили Термизда вафот этган.

Ҳаким Термизий кенг билимга эга бўлган аллома. У умри давомида 400дан ошиқ асар ёзган, шулардан ўнтадан зиёдроғи замонамизгача етиб келган. Жумладан, «Жомеъ ул-усул» номли ҳадисга бағишланган қўлёзмаси Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси кутубхонасида сақланмоқда. Асарлари асосан тасаввуф фалсафасига бағишланган. Аллома мероси араб мамлакатларида кенг равишда ўрганилмоқда. Мисрдаги «Ал-Азҳар» Ислом университети олимларидан А. Барака яқинда Ҳаким Термизийга бағишланган икки жилдлик асарини чоп эттирди.

Ҳаким Термизий барча асарларини араб тилида ёзганлиги сабабли, улар бутун дунёда кенг тарқалди, шу туфайли Европа шарқшунос олимлари ҳам аллома асарларини ўрганиб келмоқдалар.

Унинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир ал-Ҳаким ат-Термизий бўлиб, таржимаи ҳолига оид маълумотлар ўрта аср араб муаллифларидан Тожуддин ас-Субкий, ал-Хатиб ал-Бағдодий, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, ас-Сулламий ва бошқалар асарларида, шунингдек, унинг ўзининг қаламига мансуб «Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ» («Абу Абдуллоҳ ишининг бошланиши») номли автобиографик рисоласида келтирилган.
Jamshid
Behzod Shermatov
6 oy avval

fasfasfa

Jamshid
Nigora Asretdinova
1 yil avval

dssddsf

Jamshid
Nigora Asretdinova
1 yil avval

m;lm;;