Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий мақбараси

Сурхондарё вилояти Шеробод туманининг шарқий томонидан 6 км масофада катта қабристон ёнида жойлашган мақбара XI–XII аср меъморий ёдгорликларидан ҳисобланади. Буюк муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий шу мақбарага дафн этилган.

Мақбаранинг олд тарафига ХХ аср бошларида устунлари ўймакорлик билан нақшланган айвон қурилган ва дастлабки таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

1990 йили Абу Исо ат-Термизий мақбараси Ўзбекистон ҳукумати ажратган маблағ ҳисобидан тўлиқ таъмирланди. Ўша йил кузида эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан улуғ алломанинг 1200 йиллик юбилейи ўтказилди.

Алломанинг тўлиқ исми Муҳаммад Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Абу Исо ас-Сулламий аз-Зарийр ал-Буғий ат-Термизий бўлиб, у ҳижрий 209 (милодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида фақир бир оилада таваллуд топган. Тарихчи Абдулкарим ас-Самъоний (1113–1167) Ат-Термизий Буғ қишлоғида вафот этганлиги учун ал-Буғий тахаллуси билан ҳам аталгани ҳақида ёзади. Олим умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигидан аз-Зарийр (кўзи ожиз) тахаллуси билан ҳам аталган.

Ат-Термизийниннг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган. Фақат тарихчилар унинг «Бобом асли марвлик эди, у киши Лайс ибн Сайёр замонида яшаган, сўнг у ердан Термизга кўчиб келганлар», деган фикр билан чегараланадилар. Ҳофиз аз-Заҳабий «Мийзон ул-иътидол» китобида Термизийнинг ҳижрий 279 йили вафот этганларини зикр қилиб, «вафот этган вақтларида 70 ёшда эдилар», дейди.

Имом ат-Термизий 20 ёшга етганида Хуросон шайхларидан Исҳоқ ибн Ровайҳ Марвазий ва бошқалардан илм ўрганади. Сўнг 25-26 ёшларида Басрага бориб, у ер алломаларидан дарс олади. Кейин Ҳижозга кетади.Саёҳатлар кўп йиллар давом этади, Имом ат-Термизий Термизга ҳижрий 250 (864 мелодий) йилдагина қайтиб келади. Бунга қараганда, у тахминан 20 йил давомида ўзга юртларда ҳадисларни ўрганиб, йиғиб юрган. Имом Бухорий билан Нишопурда ҳижрий 250 йили учрашиб, мусоҳабалар олиб борган.

Термизий бошқа кўплаб имомлар билан ҳам учрашиб, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган. Ўша пайтда ҳадис илмида буюк юксалиш даври бўлган эди. «Кутуби ситта» – олти энг машҳур ҳадис китоби муаллифи бўлган имомлар, яъни олти энг улуғ муҳаддис ана шу олтин даврда яшаб, камол топдилар.

Ўз ижодий фаолияти даврида Ат-Термизий ўндан ортиқ асар яратди. Унинг диний-илмий меросидаги «ал-Жомеъ» асари, шубҳасиз, катта аҳамиятга эга. Мазкур асар «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» («Ишончли тўплам»), «ал-Жомеъ ал-кабийр» («Катта тўплам»), «Саҳиҳ ат-Термизий», «Сунан ат-Термизий» номлари билан ҳам юритилади.

Муаллифнинг йирик асарларидан яна бири «Аш-шамоил ан-набавия» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари») асари бўлиб, у «Аш-шамоил Муҳаммадия», «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллаллоҳу алайҳи васаллам» номлари билан ҳам аталади.

Термизий яна «Китоб ат-тарих», «Китоб аз-зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китоб ал-асмо ва-л-куно» («Исм ва лақаблар ҳақида китоб»), «Рисола ал-хилоф ва-л-жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Асмо-ус-саҳоба» («Пайғамбар саҳобаларининг исмлари») ва бошқа асарлар ёзган.
Jamshid
Behzod Shermatov
10 oy avval

fasfasfa

Jamshid
Nigora Asretdinova
1 yil avval

dssddsf

Jamshid
Nigora Asretdinova
1 yil avval

m;lm;;