“ПАХТАКОР" ФАН-КЛУБИ ВА АШАДДИЙ ИШҚИБОЗЛАРИГА МУРОЖААТ

27 февраль куни Эспаньол ва Реал клублари ўйинини томоша қилаётган пайтимда, бир ҳолатга аҳамият бердим. Гап шундаки, учрашувнинг 21 дақиқасида Эспаньол мухлислари ўрниларидан туриб, 1 дақиқа тинмай чапак чала бошлашди. Бошловчи бунинг сабабини қуйидагича изоҳлади:

-“2009 йилнинг 8 август куни мавсумолди йиғинларда Эспаньол клуби сардори, ҳимоячи ва 21-рақам эгаси – Даниэль Харке юрак ҳуружидан вафот этди. Ишқибозлар ўзларининг севимли футболчисини шу тариқа ёдга олмоқда. Бу Эспаньолнинг ўз майдонидаги ҳар бир ўйинида кузатиладиган ҳолат”...

Мақолани нима учун айнан шу воқеа билан бошлаганимни пайқагандирсиз? 

Жуда бой тарихга эга “Пахтакор” футбол клубида ҳам шундай ёд олишга арзигулик сабаб бор бўлиб, бу 1979 йилнинг 11 август кунида Днепродержинск осмонида содир бўлган фожиадир.

Ўзбек халқининг аза тутишига сабаб бўлган ўша машъум ҳодисани ҳар бир ўзбек футбол ишқибози билади, эслайди. «Пахтакор»нинг 17 нафар футболчиси диспетчернинг хатоси сабабли бу ҳаётдан кўз юмди. 

Халқимизга олам-олам қувонч ва шодликлар олиб келган бу йигитларни ҳар йили 11 август куни эслаймиз, ҳақларига дуолар ўқиймиз.

Аммо, Европа футбол клублари ишқибозлари сингари, келинг эртага 2 март кунидан бошлаб “Пахтакор” жамоасининг уй майдонидаги ҳар бир ўйини 79-дақиқасида “ПАХТАКОР-79”ни ёдга олиб, ўрнимиздан туриб, 1 дақиқа чапак чаламиз. Зеро, бу ҳолат марҳум футболчиларимизни эслаб, уларга бўлган чексиз ҳурматимизнинг ифодаси бўлсин!

Мурод Холмирзаев.