Биттагина видеоролик эвазига компьютер, ноутбук ёки планшет ютиб олишингиз мумкин!

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Республика ёш ижодкорлар кенгаши «Буюклар биз билан» видеороликлар танловини эълон қилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га танлов ташкилотчилари хабар берди.

Алишер Навоийнинг 577 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 535 йиллиги муносабати билан, халқимиз орасида уларнинг ижодини кенг тарғиб қилиш ва оилалар, корхона ва таълим муассасаларида улуғ сиймоларимизнинг бой ижодий мероси билан яқиндан таништиришга иштиёқ уйғотиш мақсадида ташкил этилаётган ушбу танлов икки номинация бўйича ўтказилади:

1) «Энг яхши ғазалхон оила»;

2) «Энг яхши ғазалхонлик кечаси».

Биринчи номинацияда иштирокчилар ўз оила аъзолари билан биргаликда Навоий, Бобур ва бошқа ғазалнавис шоирлар ғазалларини ёддан ўқиб, видеотасвирга олишлари талаб этилади. Иккинчи номинацияда эса олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, меҳрибонлик уйлари, шунингдек, турли корхона ва ташкилотлар доирасида ўтказилган ғазалхонлик кечаларининг тасвири туширилган видеороликлар билан иштирок этиш мумкин.

Танловга мўлжалланган видеороликлар қуйидаги шакллардан бири орқали юборилиши мумкин:

1) «Telegram» мессенжеридаги @ijodkormatbuot профилига юбориш орқали;

2) CD ёки DVD дискларга ёзилган видеороликларни «100096, Тошкент шаҳар, Қатортол кўчаси, Маъмурий ҳудуд биноси, 60-Б уй» манзили бўйича Республика ёш ижодкорлар кенгашига юбориш орқали.

Юқоридагилардан ташқари, «Youtube», «Facebook», «Instagram», «Odnoklassniki»да жойлаштирилган видеороликлар ҳам танловда қатнашиши мумкин. Фақат бунинг учун видеороликлар #buyuklar_biz_bilan, #yoshijodkor ҳештеглари билан эълон қилинган бўлиши керак. Шунингдек, ушбу видеоларнинг ҳавола (линк)лари «Telegram» мессенжеридаги @ijodkormatbuot профилига юборилиши талаб этилади.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, видеороликлар 2018 йил 1 март кунига қадар қабул қилинади. Ғолиблар жорий йилнинг 21 март куни эълон қилинади. Ҳар бир номинация бўйича ғолиб деб топилган видеороликларнинг муаллифлари қуйидагича мукофотланади:

1-ўрин — замонавий компьютер жамланмаси;

2-ўрин — ноутбук;

3-ўрин — планшет.

Мазкур мукофотлар номинациялар бўйича алоҳида-алоҳида топширилади. Энг сара видеороликлар «Yoshlar» ва «МY5» телеканаллари орқали эфирга узатилади.