Савол:

Шаҳарларда қурилаётган арзон уй-жойлардан олиш учун нима қилиш керак?


Жавоб:

Ҳозирда Ўзбекистон бўйлаб шаҳарларда арзон уй-жойлар қурилмоқда. Табиийки, савол туғилади: «Уни кимлар олиши мумкин, аризани кимга топшириш керак?». Ушбу саволларга Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида жавоб берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 январдаги 14-сон қарорига асосан, шаҳарларда қурилаётган 5, 7 ва 9 қаватли арзон кўп квартирали уйлардаги квартираларни жисмоний шахсларга бириктириш туман ҳокимликларида тузилган ҳудудий комиссия томонидан амалга оширилади.

Кўп квартирали уйлардан квартира сотиб олиш учун турар-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган жисмоний шахс ҳудудий комиссияга (ҳокимиятда жойлашган) қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

— ариза;

— қарз олувчининг (биргаликда қарз олувчиларнинг) молиявий ҳолатини тасдиқлайдиган ҳужжатлар;

— уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган жисмоний шахснинг қуйида кўрсатилган мезонлардан бирига мувофиқлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар:

✳️ ўз уй-жойининг йўқлиги ёки эскирган уйларда яшаш;

✳️ бир уйда (бир квартирада) бошқа оила ёки бошқа оилалар билан биргаликда яшаш;

✳️ кўп болали оила;

✳️ она (ота)нинг тўлиқ бўлмаган оилада болани (болаларни) тарбиялаши;

✳️ ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахсларнинг мавжудлиги;

✳️ оила таркибида биринчи гуруҳ ногирони мавжудлиги;

✳️ турар-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган турар-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги;

✳️ таянч докторантуранинг 2-курсидан бошлаб, олий таълимдан кейинги таълим институтида таҳсил олаётган докторантлар.

Ҳудудий комиссия ҳар йили:

— жорий йил давлат дастури доирасида қурилаётган кўп квартирали уйлардаги барча квартираларни бириктиришни 1 февралгача бўлган муддатда тугаллайди;

— бўлажак йилда қуриладиган кўп квартирали уйдаги барча квартираларга потенциал қарз олувчиларнинг тўлиқ рўйхатини 1 апрелгача банкка тақдим этади.

Жисмоний шахс дастлабки бадал маблағларини унга квартира бириктирилгандан кейин 60 календарь кундан кечикмай 20406-сон алоҳида жамғарма депозит ҳисоб рақамига тўлаши шарт.

Квартира қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги дастлабки бадал тўланмаган тақдирда ҳудудий комиссиянинг квартирани жисмоний шахсга бириктириш ҳақидаги протокол қарори ўз кучини йўқотади.