Савол:

Прописка йўқ қилиняпти, пропискасизлар уй олиши мумкин. «Ёшлар» уйлари бўйича низом қайта ишлаб чиқиладими? Масалан, Тошкентда ишлайдиган, лекин вилоятда пропискада турадиган одам пойтахтдан уй оламан дейиши мумкин-ку?

 

Жавоб:

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Юридик бўлим мудири Баҳром Илҳомжонов:

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 250-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 7-бандида ёшлар уйлари эр-хотиннинг доимий яшаш жойига қараб берилади, дейилган. Демак, низомни ўзгартиришга ҳожат йўқ. 10-бандда эса ҳудудий комиссия уй олаётган ёш оиланинг уй-жойга муҳтожлигини ўрганиши белгиланган.

 

7-банд. Турар-жой шароитларини яхшилашга муҳтожлар сифатида ёш оилани ҳисобга қўйиш учун эр-хотиндан бири доимий рўйхатдан ўтиш жойи бўйича Ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади.

 

— Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш керак, ҳудудий комиссиялар бир-биридан мустақил бўлиб, уй олмоқчи бўлган ёш оила доимий яшаш жойидан ҳужжат топширади ва табиийки, ҳужжат топширган ҳудудидан уй-жойга эга бўлади, агар муносиб топилса.

 

10-банд. Ҳудудий комиссия ҳужжатлар Ёшлар иттифоқининг туман(шаҳар) кенгашига тақдим этилган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ҳар томонлама ўрганади, барча ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текширади. Бунда, ҳужжатларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини текшириш, шунингдек унинг ҳақиқийлиги учун ҳудудий комиссия жавоб беради.

 

Ҳудудий комиссия жойнинг ўзига чиқиб ариза берувчининг тураржой шароитларини, кредитга лаёқатлилигини (ариза берувчи ва оила аъзоларининг даромадини) ўрганади. Ўрганиш натижалари бўйича текшириш далолатномасини тузади.     


xabar.uz сайтидан олинди.

прописка