Савол:

«Илтимос, божхоначилардан сўраб берсангиз, Қозоғистондан Ўзбекистонга қандай қилиб парранда олиб ўтиш мумкин? Қонунчиликка кўра олиб ўтиш мумкинми?».

Жавоб:

— Давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, шунингдек Ўзбекистоннинг бошқа манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ айрим товарларни республика ҳудудига олиб кириш чекланиши ёки тақиқланиши мумкин, — дея таъкидлади Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Ғайрат Сатторов. — Шунингдек, шахслар республика ҳудудига кириб келаётганда олиб кирилиши учун ваколатли органларнинг рухсатномалари талаб этиладиган товарларга тегишли рухсатномалар (лицензиялар) мавжудлиги текширилади.

Қуйидаги товарларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланади:

— Ўзбекистон ва инсоният хавфсизлигига қарши, ҳудудий яхлитликни, давлат суверенитети ва сиёсий мустақилликни бузишга қаратилган босма нашр маҳсулотлари, қўлёзмалар, клише, расм, фотосурат, фотоплёнка, негативлар, кино, видео ва аудио маҳсулотлари, овоз ёзилган материаллар, шунингдек уруш, терроризм, зўравонлик, миллий ажратиш ва диний нафрат, ирқчилик ва унинг турларини (антисемитизм, фашизм) тарғиб этувчи ҳамда порнографик мазмундаги материаллар;

— этил спирти;

— учувчисиз учиш аппаратлари (ТИФ ТН коди 8802 20 000 0) ва лазер нурли кўрсаткичлар сифатида фойдаланиладиган портатив лазерли нур тарқаткичлар (ТИФ ТН коди 9013 20 000 0);

— пиротехника маҳсулотлари;

— пул ютуғига эга бўлган ўйин автоматлари; 

— «М2», «М3» ва «N2» категориядаги олдин фойдаланувда бўлган автотранспортлар;

— заҳарлилик даражаси «Евро-3» экологик синфи талабларига жавоб бермайдиган, бензин ёки дизел ёнилғисида ҳаракатланадиган янги автотранспортлар (ТИФ ТН коди 8703 ва 8705 бўлиб, махсус мақсадлар учун фойдаланиладиганлардан ташқари);

— Россия, Қозоғистон, Руминия, Болгария ва Туркияда етиштирилган хонаки парранда, хонаки парранда гўшти, тухуми ва улардан тайёрланган иккиламчи маҳсулотлар;

— Буюк Британиядан қорамол, мол гўшти, гўшт-сут ва уларни қайта ишлашдан олинган ҳамда озиқ-овқат, ветеринария, тиббиёт, фармацевтика ва парфюмер-косметика ишлаб чиқаришда ишлатиладиган маҳсулотлар;

— Албания, Ангола, Андорра, Арманистон, Афғонистон, Бутан, Гаити, Гвинея-Бисау, Жибути, Зоир, Ироқ, Кабо-Верде, Камбоджа, Қирғизистон, Ўмон, Палау, Руанда, Сан-Марино, Сан-Томе ва Принсипи, Сомали, Сьерра-Леоне давлатларидан озон қатламини емирувчи нарса ва таркибида бўлган маҳсулотлар.

Қуйидаги товарларни олиб киришда ваколатли органларнинг рухсатнома(лицензия)лар талаб этилади:

— гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кираётганда Гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон давлат комиссиясининг рухсатномаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги берадиган сертификатлар;

— озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистонга олиб киришда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси берадиган рухсатномалар;

— саноат мақсадидаги портловчи материалларни, алюминий кукуни ва қурумини (ТИФ ТН кодлари 7603100000, 7603200000) Ўзбекистонга олиб кираётганда Ички ишлар вазирлиги берадиган рухсатномалар;

— ёввойи ўсимликлар, уларнинг қисмлари, мевалари, уруғлари ва ботаника коллекциялари, ёввойи ҳайвонлар, уларнинг қисмлари, зоология коллекциялари, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари, ўлжалар, тулумлари Ўзбекистонга олиб кирилаётганда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси берадиган рухсатномалар;

— радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали ускуналар олиб кирилаётганда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Электромагнит мослашуви маркази берадиган рухсатнома;

— экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни Ўзбекистонга олиб кираётганда унга берилган экологик сертификат.

Шу билан бирга, чегара божхона пости орқали олиб ўтилаётган айрим товарларга нисбатан халқаро битимлар, амалдаги қонунчилик асосида бошқа чеклов ёки тақиқлар қўлланиши мумкин.

парранда