Савол:

Болани фарзандликка олиш тартиби қандай? 

Жавоб:

Илгари болалар туман ва шаҳар ҳокимининг қарорига мувофиқ фарзандликка берилган бўлса, энди болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан фарзандликка берилади.

Болани фарзандликка олиш истагида бўлган шахслар Фуқаролик процессуал кодексига мувофиқ тегишли ҳужжатлар билан бевосита судга мурожаат қилади.

Бу эса жаҳон тажрибасига мос келади. Чунки АҚШ, Германия, Буюк Британия каби ривожланган давлатларда, шунингдек, МДҲ давлатларининг аксариятида фарзандликка олиш масаласи суднинг қарори билан ҳал қилинади.

Мамлакатимизда ҳам Оила кодексида белгилаб қўйилган болани фарзандликка олиш тартиби янада такомиллаштирилиб, 2013 йил 30 апрелда мазкур кодекснинг «Фарзандликка олиш» деб номланган 20-бобига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Унга кўра фарзандликка олишга фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб йўл қўйилади. Вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар болани фарзандликка олиши мумкин, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлар, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар, асаб касалликларига чалинганлар ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар, қасддан содир қилган жинояти учун илгари ҳукм қилинганлар бундан мустасно.

Агар бола ўн ёшга тўлган бўлса, фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинади. Оила кодексининг 156-моддасида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Суднинг фарзандликка бериш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб ўн кун ичида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари фарзандликка олинаётган боланинг туғилиши қайд этилган дафтарга зарур ўзгартишларни киритиши лозим. Фарзандликка олишни расмийлаштириш учун ФҲДЁ органига суднинг ҳал қилув қарори, фарзандликка олинувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, шунингдек, фарзандликка олувчи(лар)нинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари тақдим этилади.

Фарзандликка олиш фактининг сир сақланиши қонун билан кафолатланади.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (1999 йил 12 апрель) билан тасдиқланган «Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида»ги низомга мувофиқ ота-онаси вафот этган; ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган; ота-онаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган; ота-онаси болани тарбиялаш ёки унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган; ота-онаси бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар муассасалари ёки тиббий муассасалардаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган; ота-онаси тарбиялаш, даволаш муассасаларидан, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасасидан ва бошқа муассасалардан боласини олишдан бош тортган; ота-онаси бедарак йўқолган ёки вафот этган деб эълон қилинган болалар фарзандликка берилиши мумкин.

Дилёра Аминова,

ҳуқуқшунос

фарзандликка олиш