Савол:

Меҳнат дафтарчасига талабалик даври ҳам ёзиладими?

Жавоб:

«Мен меҳнат дафтарчасига 4 йиллик талабалик даври ҳам киритилади деб эшитгандим, ҳозирда ишлайман, шунинг учун меҳнат дафтарчасини ишхонамдан оламанми ёки ўқиш жойимданми?»

Мазкур саволга Юнусобод тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази юрисконсульти Нодира Тошева жавоб берди:

— Меҳнат кодексининг 81-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир. Иш берувчи корхонада беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт, ўриндошлик асосида ишловчилар бундан мустасно.

Иш берувчи меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш, бошқа доимий ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни ёзиши шарт. Ходимнинг илтимосига кўра ,меҳнат дафтарчасига ўриндошлик асосида ишлаган ва вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврлар ҳақидаги ёзувлар киритилади. Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари (сабаблари) меҳнат дафтарчасига ёзилмайди.

Шунингдек, «Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида»ги 402-сонли йўриқноманинг 2-қисми 2-бандига мувофиқ, ўрта, ўрта махсус ва олий маълумот тўғрисидаги ёзувлар фақат тегишли ҳужжатлар (аттестат, гувоҳнома, диплом)га асосан ёзилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сизга меҳнат дафтарчаси ҳозирги кунда ишлаётган корхона, муассаса ёки ташкилотинингиз томонидан юритилади ҳамда олий таълим муассасасини тамомлаганингиздан сўнг дипломингизга асосан 4 йиллик талабалик даврингиз тўғрисидаги маълумот ҳам киритилади.

меҳнат дафтарчаси