Ўзбекистонда «Apostille» қўйилганлиги учун тўлов миқдори 10 бараварга камайтирилди

Ҳукуматнинг 2018 йил 17 февралдаги қарори билан Ўзбекистонда тузилган расмий ҳужжатларга махсус штамп – «Apostille» қўйилганлиги учун тўлов миқдори 10 бараварга камайтирилди, яъни 172 240 сўмдан 17 224 сўмга туширилди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.

Ҳар йили 30 мингдан ортиқ фуқароларимиз ишлаш, ўқиш, оила қуриш ва бошқа шу каби масалаларда бизнинг давлат ташкилотларимиз томонидан берилган расмий ҳужжатларни хориждаги расмий идораларга топширади. Ушбу ҳужжатларни хорижда тан олинишининг асосий усулларидан бири сифатида уларга махсус штам – «Apostille» қўйилган бўлиши шарт.

Сўнги вақтларда «Apostille» учун тўлов миқдорининг юқорилиги ҳақида кўплаб фуқароларимиздан эътирозлар билдирилган. Шу сабабли, Адлия вазирлиги томонидан ушбу тўлов миқдорини камайтириш юзасидан таклиф ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга киритилди.

Ҳукумат томонидан ушбу таклиф қўллаб-қувватланиб, кўпчилик фуқароларнинг талаб ва истаклари қондирилди.

Маълумот ўрнида:

Расмий ҳужжатларга махсус штам – «Apostille» қўйиш ваколатига эга бўлган 4 та ташкилот – булар:

  • судлар, адлия органлари ва муассасаларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича – Адлия вазирлиги;
  • прокуратура, тергов, суриштирув ва терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича – Бош прокуратураси;
  • таълим ва фан соҳаси ташкилотларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси;
  • бошқа ҳар қандай расмий ҳужжатлар бўйича – Ташқи ишлар вазирлиги.