Йиллар ўтиб пушаймон қилишингиз мумкин бўлган 12 та хато

«Lifehacker.ru» йиллар ўтиб пушаймон қилишингиз мумкин бўлган 12 та хатони ўрганди. Бу маълумотлар ҳар биримизга асқотиши мумкин. Сиз нимани нотўғри қилаётганингизни билиб олинг ва ёшликнинг хатосини кеч бўлмасдан тузатинг.

1. Умидсиз муносабатларни сақлаб қолишга ҳаракат қилаяпсиз.

Путур етаётган муносабатларни сақлаб қолишга нима учун ҳаракат қилаётганингиздан қатъи назар (бировнинг фикридан ташвишдасиз, фарзандларингиз ҳақида ўйлайсиз, биринчи муҳаббатингизни йўқотишни истамайсиз ёки сизни бошқа ҳеч ким севмайди деб ўйлайсиз), ўзингизни сизни бахтли қилиши мумкин бўлган инсонни топиш имкониятидан ихтиёрий равишда маҳрум қилаяпсиз.

2. Кетганларни қўйиб юбормаяпсиз.

Ўтган севги ёки дўстона муносабатларни эслаш нормал ҳолат, лекин бу ҳиссиёт бутун ҳаётингиз шундай ўтмаслиги керак. Дунёда тахминан 7,5 миллиард инсон бор, уларнинг орасида албатта сизга тасалли берадиган киши топилади. Бу янги дўст-ёр топиш учун эскиларини воз кечиш керак дегани эмас. Буни энг аввало ўтмишнинг юки келажакка дадил қадам ташлашингизга тўсқинлик қилмаслиги учун қилишингиз зарур.

3. Севмаган ишингизга ёпишиб олгансиз.

Тушлик ва йўлга кетган вақтни ҳам ҳисоблаганда сиз ҳафтанинг учдан бир қисмини севмаган ишингизга сарфлайсиз ва бу чидаш учун жуда узоқ вақтдир. Албатта, шароитлар турлича бўлади, яхши ҳақ тўланадиган, аммо ёқтирмайдиган юқори лавозимли ишингиздан воз кечиш осон эмас. Лекин нима қилишни хоҳлаётганингизни тушунишга ҳаракат қилмасангиз, албатта пушаймон бўласиз.

4. Жуда кўп ишлайсиз.

Ҳатто севимли иш ҳам барибир иш бўлиб, ҳаёт фақат ишдан иборат экан деган фикрга боғланиб қолмаслик керак. Йиллар ўтиб, ортга назар солганингизда офисда жуда кам вақт ўтказган эканман деб пушаймон қилмаслигингиз аниқ. Бироқ болалар сизсиз ўсганини сезишингиз мумкин, дўстларингиз бошқа қўнғироқ қилмайди, чунки сиз доимо бандсиз. Қисқаси, иш, иш деб «одамгарчиликдан чиққансиз».

5. Бировлар кутганидай яшашга ҳаракат қилаяпсиз.

Сиз юридик институтга кирдингиз, чунки онангиз адвокатликни даромадли касб деб ҳисоблар эди. Сочларингизни пушти рангга бўядингиз, сабаби сизнинг даврангизда шунақа қилиш урф эди. Оила қурдингиз, чунки «сиз тенгилар аллақачон икки болали бўлишган». Бировларнинг фикри билан яшашга ҳаракат қилгунингизча ўзингиз хоҳлагандай яшаш учун вақт тобора кам қолмоқда. Сиз албатта ўрта ёшдаги инқирозни кутишингиз ва ҳаммасидан қутулишингиз мумкин, аммо бу сизга йўқотган умрингизни ва қўлдан чиқарган имкониятингизни қайтариб беролмайди.

6. Таваккал қилмайсиз.

Таваккалчилик турлича бўлади. Мисол учун қизил чироқда автомобиллар серқатнов кўчадан югуриб ўтмаганингиздан ёки «Спартак» формасини кийиб ЦСКА мухлислари жойлашган секторда ўтирмаганингиздан ҳеч қачон афсусланмайсиз. Лекин ҳамиша «агар мактабдаги биринчи муҳаббатимга севги изҳор қилганимда, йирик компаниянинг иш ҳақидаги таклифига йўқ демаганимда, қизиқарли ва сирли саёҳатга жўнаб кетганимда нима бўларди?» каби саволлар билан ўзингизни қийнашингиз турган гап.

7. Соғлиққа кам эътибор берасиз.

Ёшликда сиз ҳар доим келишган, хушчақчақ ва соғлом бўламан деб ўйлайсиз, аммо организм ҳамиша бундай бўлмаслигини сизга тезда билдириб қўяди. Шунинг учун шифокорлар маслаҳатига бепарво бўлманг: меъёрида ва яхши овқатланиш, жисмоний фаоллик, қуёшдан ҳимоя қилувчи малҳамлардан фойдаланиш кўпгина касалликларни эрта аниқлаш ва уларни бошланишидаёқ бартараф этиш имконини беради.

8. Янги нарсаларни ўрганишни истамайсиз.

Ёш ўтиши билан инсон янгиликларни тобора секинроқ ўзлаштиради. Шунинг учун йилдан-йилга янги кўникмаларни ўзлаштиришга кўпроқ вақт ва куч сарфлаш керак бўлади. Бундан ташқари, уларни қўллашга тобора оз вақт қолади.

9. Болаликдаги севган санъаткорингизнинг концертига бориш имкониятини қўлдан чиқармоқдасиз.

Муштдайлигингизда ва кассеталарда севимли қўшиқларингизни тинглаганингизда ижрочи аллақачон катта эди ва шунча йиллар давомида у ёшармади. Шунинг учун сиз севимли гуруҳингизнинг концертига боришингиз керак, агар у ҳалиям тўлиқ таркиб билан концерт бераётган бўлса албатта.

10. Ташқи кўринишингиздан норозисиз.

Ҳозир ўн йил аввал тушган суратингизга тикилиб, нима учун озиш ёки аксинча семиришга, бурнингизни кичрайтириш ёки кўзингизни катталаштиришга ҳаракат қилганингизни тушунмайсиз. Бунинг учун ўзингизга танбеҳ беришга асос бор. Қандай яралган бўлсангиз, шунга шукур қилишни ўрганинг.

11. Кўп вақтингизни беҳуда сарфлайсиз.

Мактабда боғчада ухлашдан бош тортганимиздан, университетда эса мактабда яхши ўқимаганимиздан афсусланамиз. Йиллар мобайнида бой берилган имкониятлар рўйхати кенгаяверади ва бу аянчли доирадан чиқиб кетишнинг ягона йўли нимадир қилишни ҳозирдан бошлашдир.

12. Кекса қариндошларга тириклигида савол бермайсиз.

Тириклигида бобо ва момоларимиздан ўз илдизларимиз ҳақида сўрамаймиз, кейин эса шажарамизни аниқлаш учун архивларга чопишимизга тўғри келади. Қизиқарли оилавий ҳикоялар, одатлар ва хусусиятлар, бизга ёқадими ёки йўқми, бизнинг кимлигимизни англатади. Ўтмиш билан қизиқиш лоақал қош-кўзлари тим қора оилада кўк кўзли фарзанд дунёга келганига ҳайрон қолмаслик учун ҳам керак. Эҳтимол, унда 4-5 авлод олдин ўтиб кетган кўк кўзли бобосининг қони бордир...

xabar.uz сайтидан олинди.