Сувнинг қадрига етайлик...

Тошкентда совуқ сувнинг бир куб метрига 100 сўм миқдорида устама ҳақи қўшилиб, умумий нархи 600 сўмга етди. Бир кубнинг 1000 литр эканини ҳисобга олсак, бир литр совуқ ичимлик сувининг нархи энди 60 тийинни ташкил этади. Бу арзонми ёки қиммат? Инсоф билан айтганда бу жуда арзон. Арзон нарсанинг эса қадри бўлмайди, жуда кўп исроф қилинади.

Ҳисоб-китобларга кўра шаҳарлик одам қўлини бир марта совунлаб ювганда ўртача 8 литр сув ишлатар экан, тиш учун эса 6-8 литр атрофида сув сарфланади. Ҳожат учун ҳам ҳар сафар ўртача 8-10 литр кетади (агар унитаз носоз бўлиб, сув оқиб ётмаса). Кўнгиллари ваннада чўмилишни ихтиёр этсалар, ўртача 200-300 литр сувнинг баҳридан ўтадилар (стандарт 170х50х70 ҳажмли ваннага 600 литрга яқин сув кетади). Душда чўмилганимизда ҳам озмунча сувни исроф қилиб юборамиз. Умуман олганда, ҳисоб-китоблар бўйича шаҳарда ишлатаётган сувнинг 80 фоизи беҳуда сарфланиб, канализацияга оқиб кетади.

Бир метр куб, яъни 1000 литр сувни эса шаҳарликлар:

13 марта ваннада чўмилиш; 
14 марта автомат-машинада кир ювиш; 
30 марта душ қабул қилиш; 
111 марта ҳожатхонада унитазни ювиб юборишга сарфлаб, бунинг учун 600 сўмдан пул тўлашади холос.

Менга қолса совуқ сув нархини аввал бир сўмга чиқариб, сўнгра уни босқичма-босқич ошириб, яқин икки-уч йилда бир литр сувнинг нархини ҳеч бўлмаса 5 сўмгача етказган бўлардим. Шу билан бирга, оила аъзолари сонидан келиб чиқиб сарфланадиган совуқ сув учун қатъий лимит ўрнатиб, белгиланган миқдордан ошган сув нархини тўрт-беш баробарга қимматлаштирардим.

Менимча, бир литр тоза ичимлик суви нархи 5 сўм бўлса, ҳеч ким касодга учрамаса керак, аксинча, одамлар анча-мунча тежамкор бўларди. Тишини бир стакан сув билан юварди, душ қабул қилганда жўмракни керакли вақтда очиб, зарурат бўлмаганда ўчириб қўярди. Ҳожатхона масаласида бир нарса дейишим мушкур, ҳар ҳолда носоз унитаз бўлса уни тезда таъмирлаган ёки янгисига алиштирган (кичик ва катта ҳожат учун алоҳида сув қуядиганига) бўларди.

Сувни тежаш – бахиллик эмас. Аксинча, уни исроф қилиш бир қултум сувга зорлар олдидаги маънавий жиноят. Ҳатто таҳорат олаётганда сувни исроф қилган одам гуноҳкор бўлади. Аммо маънавият, исроф, инсоф, тежамкорлик деган сўзларни тушунмайдиган, инкор ёки “игнор” қиладиган одам учун энг яхши ва самарали чора – нархларни қиммат қилиб қўйиш. ЎзА сайтидан олинди.

сув