Оилада жанжал келтириб чиқарувчи 7 асосий сабаб

Мутахассислар оилани ажрим ҳолатига олиб келувчи можаролар, муаммоларни ўрганиб, оилаларда асосан 7 муаммо туфайли низолар, келишмовчиликлар келиб чиқишини аниқлашди.

Ҳар бир инсон аҳил, уруш-жанжалсиз, араз ва гиналарсиз оилани орзу қилади. Бироқ ер юзида бундай оила йўқ. Қадимдан халқимизда  “Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши” деган нақл бор. Албатта, бу бежизга айтилмаган. Айни вақтда дунё олимлари, оилашунослар, руҳшуносларни хавотирга солаётган муаммо ҳам оилалар ўртасидаги ажримларнинг кўплигидир. Бу эса дока рўмолнинг “қуримаётгани”дан далолатдир, балки... 

Мутахассислар оилани ажрим ҳолатига олиб келувчи можаролар, муаммоларни ўрганиб,  оилаларда асосан 7 муаммо туфайли низолар, келишмовчиликлар келиб чиқишини аниқлашди. 

Аслида оиладаги кичик можаро ҳам эр, ҳам аёлнинг ўзаро муносабатларини яхшилашга хизмат қилар экан. Бироқ вазият назоратдан чиқиб кетса, ана шу кичик муаммо оилавий можароларга сабаб бўлиши мумкин. Бунда эр-хотиннинг бир-бирига номақбул сўзларни айтиши, ҳақоратлаши, фарзандларни ўзаро талашиши каби хунук ҳолатлар содир бўлиши мумкин. 

Албатта, муаммога асос бўлиши мумкин бўлган сабаблар кўп. Аммо оилани бузишга арзимайдиган ва катта можарога айланиб кетишига йўл қўйиш лозим бўлмаган 7 та сабаб бор. Келинг, уларни бирма-бир кўриб чиқамиз.


1. Пул

Ер юзида мавжуд барча оилаларда пул борасида муаммо бўлиши табиий. Улар орасида кимдир пулни керакли нарсаларни харид қилишга сарф этади, бошқаси эса “шуларсиз ҳам яшаса бўлади-ку” қабилида иш тутади ва пулларни тежашга уринади. Олимлар эр ва хотинга пул борасида жанжаллашгандан кўра, бизнес-баҳс ўтказишни маслаҳат беришади. Бунда эрнинг ҳам, хотиннинг ҳам талаблари, истаклари ўртага ташланади. Кейин эса уларнинг ҳар бири истаётган нарсага қандай қилиб эришишнинг имконини излаш лозим бўлади. Шундай ҳолатда улар оилавий бюджетлари қанчаю, нимани ҳарид қилишлари мумкин ёки мумкин эмаслигини англашлари осон кечади. Баҳонада оиланинг маблағ сарф этиладиган бошқа жабҳаларига ҳам эътибор қаратилган бўлади. Бизнес-баҳс ёрдамида муаммони осон, тез ва жанжалсиз ҳал қилиш мумкин.

 

2. Жинсий ҳаёт

Албатта, бу борада эр ва хотиннинг турмуш ўртоғидан кутадиган истаклари мавжуд. Жуфтингизни ҳадеб ташқи олам билан солиштираверманг. Сиз бошқаларда кўрган жозибани, кўринишни турмуш ўртоғингиздан талаб қила олмайсиз. У қандай бўлса шундай! Бу икки инсон ўртасида жинсий муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган энг катта омиллардан бири саналади. Жуфтингизни яхши кўрсангиз, сиз учун бошқаларнинг қизиғи бўлмаслиги табиий. Айтиладиган ягона маслаҳат шу: турмуш ўртоғингизни борича қабул қилинг.

 

3. Уй ишлари

Уйнинг озода сақланмаслиги ҳам мумамога сабаб бўлади. Эркаклар бу иш фақат аёлларга тегишли, деб билишади. Аёллар эса, эркаклар бу ишда аёлларига ёрдам беришлари керак, деб ҳисоблашади. Муаммонинг негизи ана шунда. Уй ишларидан қутилиб бўлмайди, барибир уни кимдир қилиши керак. Бундан ташқари, уйни озода сақлашда эр ҳам, хотин ҳам ёмон одатлардан воз кечишлари, уйни саранжом сақлашга ҳаракат қилишлари лозим. Шу сабабли, оиланинг ҳар икки аъзоси бунда бир-бирига кўмакчи бўлса бас.

 

4. Фарзандлар

Оиладаги муаммоларга фарзандларнинг ҳам сабаб бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Болага қараш, унга тарбия бериш, уй ишларига улгириш, бола билан ким қанча шуғулланиши керак каби саволларнинг жавоби топилмаса, муаммо келиб чиқиши аниқ! Фарзанд парвариши вақт, куч ва маблағ талаб қилади. Одатда, аёлларда уйқусизлик, толиқиш туфайли жиззакилик, эътиборнинг сусашийи, хотиранинг пасайиши каби ҳолатлар кузатилади. Эркаклар мана шуларни ҳам ҳисобга олишлари лозим. Бу борада ҳар бир миллат вакили турмуш ўртоғи билан ўз тилида муаммога ечим излайди. 

Фарзанд оилавий ҳаётни бутунлай ўзгартириб юборади. Уйқу вақти, шахсий режалар бузилади. Бола учун ҳар бир кун янгилик кашф этиш билан ўтади. Агар бу борада муаммоларга дуч келишни истамасангиз, тажрибали, фарзандлари катта бўлиб қолган ота-оналар билан маслаҳатлашинг. Улар сизга вақтни тўғри режалаштириш, оилавий муносабатларни фарзанд тарбияси билан уйғун ҳолда олиб бориш йўлларини ўргатишади. Фарзанд кўргач, эр-хотин аввал мавжуд бўлган вақт, эътибор камайишини, уларнинг бир қисми фарзандга ҳам бахш этилишини тушуна билишлари керак. Мана шунда оилада муаммо келиб чиқмайди. 

Фарзандингиз бироз катта бўлгач, ҳаммаси изига тушади. Энг муҳими ўртангиздаги муаммоларни ичга ютавермай, турмуш ўртоғингиз билан бўлишишга ва бартараф қилишга урининг.

 

5. Вақтни бирга ўтказиш

Одатда вақтни бирга ўтказиш борасидаги режаларнинг хилма-хиллиги эр-хотин ўртасида муаммо келтириб чиқаради. Бундан ташқари эркакларнинг кун бўйи ишда бўлишлари ҳам аёлларга хуш келмайди. Бир-бирингизни эътиборсизликда айблашдан кўра, вақтингизни турмуш ўртоғингизнинг ёнида бўлишга интилган ҳолда тақсимланг. Унутманг, агар инсон хоҳласа, ҳамма нарсага эриша олади. Қолаверса, “кўздан йироқ – кўнгилдан йироқ” деган нақл бежизга айтилмаган. Бир-бирингиз билан қанча кўп вақт ўтказсангиз, оилангиз шунчалик мустаҳкам бўлади.

 

6. Ғашни келтирувчи одатлар

Икки инсон бирга яшашни бошлаши билан, у ёки бу шахснинг баъзи одатлари ғашни келтириши мумкин. Сиз ҳам бундан мустасно эмаслигингизни унутманг! Сизда ҳам бошқаларга ёқмайдиган бирор жиҳатнинг борлиги аниқ! Йўқ деб жавоб беришга шошилманг, чунки бундай одатлар инсоннинг характерига сингиб кетган бўлади. Шу сабабли ҳам ўзимиздаги ана шундай одатларни сезмаймиз. Бошқаларники эса яққол кўринади. Бундай ҳолатларда ҳам жуфтингизни ўзи сезмаётган аммо ғашингизга тегаётган одати учун койиманг, ҳақоратли сўзларни айтманг. У асабийлашаётганингизни сезиши табиий. Сиз унга нима учун жаҳлингиз чиқаётганини, у бажарган қайсидир ҳаракат нафақат сиз, балки бошқаларнинг ҳам ғашини келтириши мумкинлигини тушунтира билинг. Буни босиқлик билан амалга оширмасангиз, муаммо келиб чиқиши тайин

 

7. Стресс

Стресс бир-бирига энг меҳрли оилаларда ҳам катта муаммоларга сабаб бўлувчи йирик омиллардан биридир. Одатда ҳамма нарсани ичига ютадиган, атрофдагиларнинг бирор ножўя ҳаракатини босиқлик билан қабул қилиб, индамай кетадиган, ўзини ҳимояланган сезмайдиган инсонларда стресс ҳолати кўпроқ кузатилади. Ташқаридан қараганда, бу инсоннинг асабийлашишига сабаб бўладиган бирор нарса йўқдек туюлади. Аммо ўйлаб кўринг, ўзингиз ҳам ичингизда тугун бўлиб ётган баъзи муаммоларни ҳаммага айтиб достон қилмайсиз-ку, шундай эмасми? 

Агар стресс ҳолатидан чиқишни истасангиз, ишингизни иш жойингизда қолдиринг, уйда кўчадаги ишларни бажариб ўзингизни толиқтирманг. Кайфиятингизни бузишса, ичингиздагини очиқ айтинг – енгил тортасиз. Турмуш ўртоғингизга суянинг. У сизга энг яқин инсон бўлгани билан ичингиздаги муаммоларни сиз айтмасангиз, билмайди. Масалага ечим топишга у билан бирга ҳаракат қилинг. 

Оилашунос олимлар томонидан тадқиқ этилган ана шу 7 омил оила бузилишига олиб келади. Уларни биргаликда бартараф қила олсангиз, сизнинг оилангизда тушунмовчилик, ажрим бўлмайди. 

оила жанжал