Оқ пакетчалар — уларнинг ичида нима бор? Нима бу? Керакли нарсами, зарарли эмасми?..

Ичига шаффоф митти шарчалар солинган бу оқ пакетчалар ҳаммамизга таниш: янги пойабзал, электротехника буюмлари сотиб олганимизда кўпинча қутисининг ичидан чиқади. Нима бу? Керакли нарсами, зарарли эмасми?

Бу — кремний диоксиди (SiO2), уни силикагел ҳам дейишади. Ўша оқ пакетчалардаги сувда эримайдиган гранулалар (шарчалар) ўзига нам тортиш хусусиятига эга. Шу хусусияти учун ҳам улар намликка чидамсиз нарсалар, масалан, оёқкийимларнинг қутиларига солиб қўйилади.

Силикагелли пакетчалар(СП)ни ташлаб юборишга шошилманг, уларни яна ишлатсангиз бўлади. Масалан, қуйидагича:

  1. Кумуш тақинчоқлар ва идишларни асраш учун

Кумуш олтингугурт билан келишмайди: «сариқ кукун»нинг ҳаводаги бирикмалари билан реакцияга киришаверганидан қорайиб кетади. Силикагелли пакетчаларни кумуш тақинчоқларингиз ёки идишларингиз турган қутига солиб қўйсангиз кифоя, қорайишидан хавотирланмасангиз ҳам бўлаверади.

  1. Пойабзал ва сумкаларни қуритиш учун

Шаррос ёмғирда оёқкийим, ҳатто сумка ҳам намланиб кетиши турган гап. Уйига кириши билан кўплар уларни иссиқроқ жойга қўйиб тез қуритишга уринади. Бу унчалик ҳам тўғри йўл эмас, иссиқ ҳаво чармни емиради, камига сувнинг доғлари қолиши мумкин. Яхшиси, чарм буюмларни артиб-тозалаб, ичига СПдан бир нечтасини солиб қўйсангиз, намлик аста-секин сўрилиб кетади.

  1. Спорт сумкасидаги ёқимсиз ҳидларни йўқотиш учун

Спорт билан шуғулланувчиларга бу манзара бегонамас: ҳар машғулотдан кейин терга ботган кийимлар жойланавергач, сумка ёқимсиз ҳид чиқарадиган бўлиб қолади. Буни йўқ қилишда ҳам силикагел ёрдамга келади. Уйга қайтиб, сумкангизни дарҳол кийимлардан бўшатинг ва бир нечта пакетчасини солиб қўйинг — муаммо ҳал!

  1. Электротехникани асраш учун

Ҳар куни ишлатмайдиган электротехникани салқин жойда, имкон қадар силикагелли пакетчалар жойланган қутида сақлаган маъқул. Шунда бу қурилмаларга намлик хавф солмайди.

  1. Дориларни сақлашда

Айрим саёҳатга чиқувчилар ўзлари билан керакли дори-дармонни ҳам олиб юришади. Нам ҳаво уларга зарар еткказмаслиги учун дори қутисига бир-иккита СП солиб қўйиш керак.

  1. Кийимларни асраш учун

Кўп кийилмайдиган кийимлар, масалан, сандиққа ташлаб қўйилганларидан кўпинча нохуш ҳид келиб қолади. Бу намликдан. Бунинг ҳам давосини силикагелдан излайверинг.

  1. Машина салонини намликдан ҳимоя қилишда

Автомобиллардан ҳам намлик туфайли нохуш ҳид чиқиши мумкин. Буни йўқотиш учун бир нечта пакетча етарли эмас, дўконларда сотиладиган силикагелдан бир килочасини сотиб олишингиз керак, шунда машина салони ҳам қуруқ сақланади, ҳам димоқни ёрадиган ҳидлардан қутуласиз.

  1. Фотосуратлар ва ҳужжатларни сақлашда

Эски фотосуратларингиз ва ҳужжатларингизнинг ёнига бир нечта силикагелли пакетни  қўйиб қўйсангиз, уларни сарғайиб кетишдан асрайди.

Силикагел хавфлими?

Кремний диоксиди озиқ-овқат қўшимчаси, бироқ бу уни овқатга ишлатаверинг дегани эмас. Қолаверса, таркибига қўшилган бошқа моддалар заҳарли бўлиши мумкин. Силикагел фақат пакетчасида тураркан, ҳеч қандай хавф туғдирмайди.