«Менинг фикрим» портали: маъқулланган таклиф эгаси Вазирлар Маҳкамасига суҳбатга чақирилади

Бугунги глобаллашув жараёнида инсон фаолиятининг барча жабҳалари ахборот-коммуникация технологиялари билан узвий боғланиб бормоқда. Ҳар бир соҳани ўз йўналишидан келиб чиққан ҳолда АКТ билан конвергенция қилиш жараёни тобора жадаллашяпти. Чунки АКТ соҳаси фуқаролар фаолиятини амалга оширишда жуда катта қулайликлар келтириб чиқаради, жумладан, вақт сарфини камайтиради, навбатлар вужудга келиши ва коррупциянинг олдини олади.

Бундай соҳалар қаторига қонунчилик, соғлиқни сақлаш, мудофаа, солиқ, таълим, машинасозлик, транспорт, иқтисод, бизнес ва бошқалар киради. Бундан ташқари, АКТнинг ҳужжатлар алмашинуви ва оммага янгиликларни етказишдаги роли тобора ортиб бормоқда. Шуниси эътиборга моликки, давлатимиз раҳбари томонидан ҳам ушбу соҳа истиқболи учун бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, халқ билан мулоқотни амалга ошириш ва уларнинг ҳар бири учун холис жавоб бера оладиган Президент виртуал қабулхонаси АКТ соҳасининг аҳоли ижтимоий турмушидаги мавжуд муаммоларини ҳал этишдаги аҳамияти катталигини кўрсатмоқда.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Олий Мажлис раҳбарияти қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, интернет тармоғида махсус «майдон»лар яратиш зарурлиги таъкидланган. Шу муносабат билан Юртбошимиз мамлакатимиз фуқаролари давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришлари учун интернет тармоғида «Менинг фикрим» номли махсус веб-саҳифани ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтган эди.

Бугунги замон шароитида мутахассисларни ишга қабул қилиш маркетингга ўхшайди ва мос келадиган номзодларни танлаб олиш потенциал мижозларни топиш билан бир хил тарзда кечади. Айнан шундай мутахассисларни аниқлашда «Менинг фикрим» веб-саҳифаси ёрдам бериши мумкин.

Ушбу порталда фуқаро ўз таклифини бериш учун ONE ID тизимидан рўйхатдан ўтган бўлиши мақсадга мувофиқ. «Менинг фикрим» тизимида фуқаролар ўзини қийнаётган масалалар бўйича ўз таклифларини билдиради. Таклифи аксарият фойдаланувчилар томонидан қўллаб-қувватланса, ушбу таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун тўғридан-тўғри юборилади.

Бир фуқаро томонидан бир нечта таклифлар билдирилган, аммо ушбу таклифларни қўллаб-қувватловчилар сони етарли бўлмаган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қарашли модератор ва операторлар томонидан кузатиб турилади. Кузатувлар натижасида маъқулланган таклиф эгаси Вазирлар Маҳкамасига суҳбатга чақирилади.

Порталга келиб тушган таклифлар тизимли бўлмаган маълумотларни ташкил этади. Бундай маълумотларни анъанавий усуллар орқали таҳлил қилиб бўлмайди. Берилган таклифларга асосланиб, фуқаронинг кейинги хатти-ҳаракатини тахмин қилишда «Data mining», «machine learning» услубларидан фойдаланиш мумкин. Ушбу услубларни қўллаш орқали қуйидагиларни аниқлаш мумкин:

  • тарафдорлари кўп бўлган таклиф эгалари учун алоҳида рейтинг олиб борилади. Ушбу рейтинг фаол иштирокчиларни юқори поғоналарда кўрсатиб, тизимнинг HR бўлимида юқори поғонани эгаллайди. Ушбу поғонанинг биринчиларида турган фуқароларни суҳбат ёрдамида саралаб, мутахассис этиб тайёрлаш;
  • таклифлар ҳамда розилар сонини аниқлаш, уларни саралаш ва тартиблаш орқали қайси соҳага кўп эътибор қаратиш керак эканлигини аниқлаш;
  • таклиф остида қолдирилаётган шарҳлар орқали аудиторияни таҳлил қилиш ва бу таклифнинг аҳоли учун муҳимлилик даражасини аниқлаш;
  • таклифлар ва розилик билдирувчиларнинг статистикасини юритиш, яъни жинси, ёши, яшаш жойи бўйича саралаш ва олинган натижа ёрдамида қайси шаҳар, вилоят, туман ва кўчаларда муаммо кўп эканлигини аниқлаш.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, «Менинг фикрим» портали учун интеллектуал таҳлил методларини қўллаган ҳолда аҳоли томонидан қолдирилган фикр-мулоҳазаларни ўрганиш ва халқни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш, шу билан бирга, керакли мутахассисларни саралаб олиш усулларини ишлаб чиқиш мумкин.

Санжар ИБРАГИМОВ,

«Электрон ҳукумат»  тизимини ривожлантириш марказининг идоравий ахборот ресурсларини ривожлантириш бўлими мутахассиси,

Сайёра МИРЗАЕВА,

марказлашган маълумотлар базаларини ривожлантириш бўлими мутахассиси