Кэшбэк ўзи нима ва унинг учун даромад солиғи тўланадими?

Ўзбекистонда сўнгги йилларда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида кўплаб ташкилотлар мижоз жалб қилишнинг самарали усулларидан ҳисобланмиш турли чегирма, бонус ва дисконт карталарини ўз мижозларига тақдим қилиб келишмоқда. Аслида буларнинг барчаси харидорларни иложи борича айнан шу дўкондан маҳсулот сотиб олиш ёки хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг хизматидан фойдаланишга рағбатлантириш вазифасини бажаради.

Маркетингда харидорларнинг содиқлиги тушунчасига жуда катта эътибор қаратилади. Чунки содиқ харидор бошқа жойда қандайдир маҳсулот тури арзон бўлса ҳам барибир доимий харид қиладиган жойидан маҳсулот сотиб олишга ҳаракат қилади. Чунки ҳамма гап дисконт карталари ёки чегирманинг миқдорида эмас, балки айнан истеъмолчига қаратилаётган эътиборда ҳам бўлади. Харидорда ҳар бир хариддан сўнг дўкон томонидан рағбатлантирилаётгандай туйғу ҳосил бўлади. Аслида шу ҳам бозордаги мижозлар учун курашнинг энг оммабоп шаклларидан бири саналади. 

Мижозларни жалб қилиш усулларидан яна бири сифатида кэшбэк хизмати ҳам кун сайин оммалашиб бормоқда. Хўш, кэшбэк ўзи нима?
Кэшбэк (инглизча cashback – нақд пулнинг қайтиб берилиши) мижозларни жалб қилиш ва садоқатини оширишга қаратилган махсус бонус дастурларининг бир тури бўлиб, асосан интернет-савдолари, банк маҳсулотларида ва ўйин бизнесида қўлланади.

Ривожланган мамлакатларда кэшбэк хизмати асосан банкнинг кредит карталарида ва йирик интернет-савдоларда кўпроқ қўлланади. Бунда кэшбэк хизматидан фойдаланган мижоз ушбу банк ёки интернет-савдо тармоғининг ҳамкор ташкилотлари бўлмиш бир қанча сотувчиларнинг маҳсулотини харид қилганда ёки хизматидан фойдаланганда кэшбэк сифатида қанчадир миқдордаги (одатда 1 фоиздан 15 фоизгача) пулни қайтиб олиши мумкин бўлади.

Кэшбэк моҳиятан анъанавий дисконт ва чегирма тизимларидан қуйидаги жиҳатлари билан фарқ қилади: Харидор сотувчига маҳсулотнинг чакана нархи қийматини тўлайди (бу сотувчи тақдим этган чегирма ёки акция тариқасида арзонлаштирилган нархлар бўлиши мумкин).

Мижоз харид қилинган қийматнинг бир қисми(кэшбэкда қайд этилган умумий қийматдан фоиз кўринишидаги қайтим)ни сотувчидан эмас, балки аффилиат(мижоз жалб қилувчи ташкилот)дан қабул қилиб олади, у эса ўз навбатида сотувчига харидорларни жалб қилишда ёрдам беради.

Кэшбэкнинг манбаси сотувчи томонидан ҳар бир харидор учун аффилиатга тўланадиган комиссион ҳақдир. Белгиланган комиссион ҳақни кэшбэкни тақдим этаётган сайт эгалари харидорлар билан бўлишади ва натижада ўз порталларида тақдим этилаётган товар ва хизматларни харид қилишни рағбатлантиришга муваффақ бўлишади.

Умумий қилиб айтганда, кэшбэк орқали маълум фоиз пул харидор ихтиёрига қайтарилади ва у бу маблағни хоҳишига кўра тасарруф этиши мумкин. Анъанавий дисконт карталари ва чегирма тизимларида эса харидор келгусида фақатгина айнан шу сотувчи тақдим этадиган маҳсулот ва хизматларни харид қилиши мумкин.

Ўзбекистонда дисконт карталари ва чегирмалар тизими орқали тақдим этилаётган имкониятлар бўйича шу кунга қадар солиқ тўловлари юзасидан муаммо келиб чиқмаётган эди. Чунки чегирма ёки дисконт картасидаги иқтисод қилинган маблағ харидорнинг пластик картасига қайтиб берилмас эди. Бироқ кэшбэк хизмати орқали қайтиб берилаётган пул жисмоний шахсларнинг қўшимча даромади дея эътироф этилган ҳоллар кузатилмоқда.

Аслида Ўзбекистон солиқ қонунчилигига кўра жисмоний шахсларнинг даромад солиғи солиниши мумкин бўлган даромад турлари сифатида меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар, мулкий даромадлар, моддий наф тарзидаги даромадлар ва бошқа даромадлар (Солиқ кодексининг 171-моддаси) қайд этилган. Кэшбэк орқали келиб тушувчи маблағлар моҳиятан меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад эмас, мулкий даромад ҳам эмас ва қонунчиликда келтирилган бошқа даромад турига ҳам мос келмайди.

Фақатгина Солиқ кодексининг 177-моддаси(«Моддий наф тарзидаги даромадлар»)да қайд этилган айрим даромад турлари кэшбэк орқали келиб тушадиган маблағни даромад деб ҳисоблашга сабаб бўлиши мумкин холос. Бироқ кэшбэк жисмоний шахснинг даромади эмас, балки унинг иқтисод қилиш орқали ўз ихтиёрида қолган маблағидир. Кэшбэк дастури бўйича харид қилганда сарфлаган маблағи учун эса жисмоний шахс аллақачон даромад солиғини тўлаб қўйган ҳисобланади (Ўзбекистонда пластик карталарга юридик шахслар томонидан даромад солиқлари тўлангачгина маблағлар келиб тушади). Бундан келиб чиқадики, харидор кэшбэк орқали тежалган маблағ учун яна бир марта максимал шкалада даромад солиғини тўлаши керак бўлади. Бу эса икки марта солиққа тортиш амалиёти дейилади. Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг даромад солиғини иш берувчи ташкилотлар солиқ агенти сифатида ўзлари ҳисоблаб бюджетга ўтказиб беришади. Шунинг учун ҳам кўп ҳолларда жисмоний шахслар ўзларининг қайси турдаги даромадларидан қанча миқдорда ва қайси ҳолатларда солиқ тўлаши кераклигини яхши билишмайди. Натижада асосан иш берувчи ташкилотлар жисмоний шахсларнинг айрим ҳолларда кам тўланган солиқлари учун ҳам жавобгар бўлишади.

Бу ҳолат эндиликда айниқса кэшбэк хизматини тақдим қилаётган бир нечта ташкилотлар фаолиятида бир қадар муаммоларни келтириб чиқармоқда. Чунки кэшбэкни тақдим этиш орқали пластик карталарга тежалган маблағларни қайтараётган ташкилотлар эндиликда жисмоний шахсларнинг СТИР(солиқ тўловчининг идентификацион рақами)ини сўраб олган ҳолда унинг номидан максимал шкалада даромад солиғини тўлагач, қолган суммани пластик картага ташлаб беришга мажбур бўлишмоқда. Буни улар кэшбэк хизматидан фойдаланиш имкониятини берувчи шартномада қайд этиб ўтишган.

Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистоннинг айрим банкларининг кэшбэк хизмати бўйича шартномаларида мижоз максимал шкаладаги (бугунги кунда 22,5 фоиз) даромад солиғини тўлаб бўлгач, қолган суммани картага қайтиб бериши белгиланган. Натижада кэшбэк сифатида қайтадиган сумманинг 77,5 фоизигина мижознинг пластик картасига қайтарилади.

Бу ҳолат ҳам тижорат банкига, ҳам мижозга ноқулайлик туғдиради. Чунки аслида агар мижоз асосий иш жойидан оладиган даромади миқдори максимал шкалага етмайдиган бўлса ва у йил охирида даромадлари тўғрисида декларация топширса, кўпроқ тўланган сумма солиқ идораси томонидан мижозга қайтиб берилиши керак бўлади. Умуман олганда, бу борада бизга нисбатан кўпроқ тажрибага эга бўлган аксарият хорижий мамлакатларда кэшбэкка қўшимча даромад сифатида қаралмаслиги белгиланган.

Англияда кэшбэк хизматига чегирмалар сифатида қаралади ва ҳеч қандай солиққа тортилмайди. Россияда ҳам кэшбэк орқали қайтадиган пулларга даромад солиғи солинмайди. АҚШда ишлаб чиқарувчи ёки дилер томонидан тақдим этиладиган кэшбэк ёки чегирма ҳам солиққа тортилмайди. Жанубий Кореяда ҳам кредит карталари орқали тақдим этиладиган кэшбэк солиқ солинадиган базага киритилмайди.

Бироқ Украина банклари тақдим этаётган кэшбэк карталарида айрим ҳолларда даромад солиғи ушлаб қолиниши мумкинлиги назарда тутилган. Беларусда эса кэшбэк 2 фоиздан ошмаса даромад солиғи ушланмаслиги белгиланган ва ундан ортган миқдордан солиқ тўланиши қайд этилган.

Энди бир қизиқ ҳолатга диққатингизни қаратамиз. Ўзбекистонда ҳозир ҳам кўпчилик деҳқон ва буюм бозорларидан маҳсулот сотиб олишади ёки ўз уйларига яқин бўлган дўконлардан маҳсулот харид қилишади. Бунда бозор айланиб бир хил маҳсулот турли жойларда турли нархларда сотилаётганининг гувоҳи бўламиз. Натижада бозорда, масалан, ўртача 100 минг сўмга сотилаётган маҳсулот 90 минг сўмга сотилаётган жойни топиш ёки доимий харидор сифатида сотувчидан уни шундай арзон нархда сотиб олиш мумкин. Аслида ушбу ҳолатда 100 минг сўмлик маҳсулотни 90 минг сўмга харид қилгач биз 10 минг сўм тежашга муваффақ бўламиз, яъни ўзимизга ўзимиз 10 фоиз кэшбэк тўлаган ҳисобланамиз. Энди табиий савол туғилади, тежаб қолинган маблағни солиққа тортиш қанчалик тўғри?

Юқоридаги аргументларни ҳисобга олган ҳолда, бизнингча, кэшбэкни жисмоний шахсларнинг даромади деб ҳисоблаш ва уни солиққа тортиш амалиётини қайта кўриб чиқиш керак. Бунинг учун Солиқ кодексига кэшбэк орқали келиб тушиши мумкин бўлган тушумларни даромад солиғи солинадиган базадан чиқариб ташлаш масаласини киритиш лозим деб ҳисоблаймиз. 
Умид қиламизки, бу борада Олий Мажлис, Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги томонидан тегишли ишлар олиб борилади.

Мансур Тангишов, молиячи эксперт