Истеъмолчиларнинг айрим тоифалари учун табиий газ нархи оширилди

Ўзбекистонда 2018 йил 1 январдан тадбиркорлар фойдаланилган табиий газ учун тўловларни янги тартибдаги тарифларда амалга оширишади. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» АЖ сайтида хабар берилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги «Табиий газ ва электр энергияси етказиб бериш ва реализация қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1025-сонли қарорига мувофиқ, истеъмолчиларнинг айрим тоифаларига 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб табиий газ учун оширилган тарифлар белгиланди.

 

Эндиликда пиширилган ғишт, асфальт, цемент ишлаб чиқарувчи, гипс ва оҳактош қазиб олиб, қайта ишловчи, бетон ва темир-бетон ишлаб чиқарувчи корхоналар, иссиқхона ва иссиқхона-парник хўжаликлари, чинни ва фаянсдан буюмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар, гипс-картон, йўлакбош ва керамика плиталари, брусчаткалар, керамик ва цемент-қум черепицалар, қуруқ қурилиш аралашмалари, шунингдек, қувур буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналар, муайян хизматлар кўрсатувчи ресторанлар, кафелар ва бошқа умумий овқатланиш объектларига (меҳмонхоналар ва уларга тегишли бўлган объектлар бундан мустасно) табиий газ тўлови 1 куб метр учун 1000 сўм этиб белгиланди.

 

Маълумот ўрнида айтиш керакки, бунгача 2017 йилнинг 15 июлидан эътиборан истеъмолчи ташкилотлар учун 1 куб м. табиий газ нархи 263,4 сўм эди. Шу тариқа, нархлар табиий газ учун қарийб 4 баравар ошди.

xabar.uz сайтидан олинди.