Ис газидан заҳарланмаслик учун нима қилиш керак?

Қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши билан фуқаролар томонидан хонадонларни иситиш мақсадида турли ёқилғи маҳсулотлари, ҳар хил турдаги иситиш ва газ ускуналаридан фойдаланишга бўлган эҳтиёж кундан-кунга ортиб боради.

 

Бу эса ўз навбатида ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари талаблари бузилиши натижасида хонадонларда табиий газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига, фуқароларнинг ис газларидан заҳарланиб қолиш эҳтимолининг ошишига олиб келиши мумкин.

 

Мисол учун, сиз дам олаётган ёки тунаб қолган хонада йиғилган ис гази миқдори атиги 0,1 фоизни ташкил этган тақдирда, ундай ҳаводан 30 дақиқа давомида нафас олиш инсонни ўлимга олиб келиши мумкин.

 

Ис газидан заҳарланмаслик учун:

 

— иситиш мавсуми бошланиши олдидан печлар, қозонхоналар, сув иситиш колонкаларининг созлиги, мўриконларининг тозалигини текшириб чиқинг;

 

— носоз, ностандарт, қўлбола ясалган иситиш ва газ мосламаларидан фойдаланишга асло йўл қўйманг;

 

— болалар ва имконияти чекланган кишиларни назоратсиз қолдирманг;

 

— табиий газдан фойдаланишда турли хилдаги резина шланглар, турли газ сўрғичлардан фойдаланманг;

 

— чет давлатларда ишлаб чиқарилган иситиш мосламаларидан фақат йўриқнома билан яхшилаб танишиб чиққандан кейингина фойдаланинг.

 

Агар хонага табиий газнинг тўлганини сезиб қолсангиз:

 

— газ плиталари ва иситиш печларини газ тармоғидан ўчиринг;

 

— дарров эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатинг;

 

— хонада электр жиҳозларини ёқманг, ёниқ бўлса, ўчирманг, чунки бу ёнғин ёки газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига сабаб бўлиши мумкин;

 

— агар газ чиқаётган жойни ўзингиз аниқлай олмасангиз, 104 телефони орқали шаҳар ва туман газлаштириш идоралари авария таъмирлаш гуруҳларига қўнғироқ қилинг.

Ис газидан заҳарланмаслик учун нима қилиш керак?