Америкалик олимлар сувдан водород ажратиб олишнинг самарали усулини яратди

Вашингтон штати олимлари сувдан водород ажратиб олишнинг тез ва қиммат бўлмаган усулини яратди. Олимлар кимёвий реакция ўтказиш учун никель ва темирдан иборат нанокўпик шаклидаги катализатордан фойдаланишни таклиф қилмоқда, деб «TAСС» хабар беради. 

Водород қайта тикланувчан энергия манбаи ҳисобланади. У коинотда энг кўп тарқалган кимёвий элемент бўлишига қарамасдан, деярли соф ҳолда учрамайди. Водородни электролиз жараёнида олиш энг тоза усул бўлиб, бунинг учун катализаторлар — платина каби Ерда кам учрайдиган металлар зарур. Катализатор ва энергия сарфи сабабли сув электролизи саноат миқёсига етмаган.

Вашингтон штати университети олимлар катализатор сифатида арзон ва кенг тарқалган металлардан фойдаланган. Сув билан алоқага киришувчи катта юза ҳисобига никель ва темирдан иборат нанокўпик ажралиш реакциясини юзага келтиради. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу материал самарали ишлайди ва бошқа катализаторларга нисбатан кам энергия талаб қилади.

Кўп миқдордаги нанокўпикларни нисбатан тез ишлаб чиқариш мумкин, тадқиқоқтчилар унинг яратилиш жараёнини «кенг кўламли ишлаб чиқаришда фойдаланса бўладиган тезкор усул» дея атади.

Лаборатория синовларидан сўнг, тадқиқотчилар кенг кўламли синовларни бошлаб юборади.