2018 йилги давлат дастури жамоатчилик муҳокамасига қўйилади

Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 28 декабрдаги «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да 2017—2021- йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ, Президентнинг давлат маслаҳатчиси Отабек Муродов бошчилигида дастур лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди.

 

Хабарда ёзилишича, ушбу гуруҳга жамоатчилик, миллий ва халқаро экспертлар фикри, шунингдек ўтказилган анжуманлар, семинарлар ва давра суҳбатлари натижаларини ўрганиш, 2017 йилда Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда йўл қўйилган камчилик ва хатоларни танқидий ўрганиш вазифаси топширилган.

 

Дастур лойиҳаси 2018 йилнинг 5 январигача тайёр бўлиши лозим, шундан сўнг 5−15-январь кунлари лойиҳа кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилади. Жамоатчилик муҳокамалари натижалари таҳлили ва келиб тушган таклифлар асосида 20 январдан давлат дастури лойиҳаси такомиллаштирилади. Эслатиб ўтамиз, Ҳаракатлар стратегияси ҳам жамоатчилик муҳокамасидан сўнг қабул қилинган эди.

 

2018 йилги давлат дастурида Президентнинг 22 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида тилга олинган масалаларнинг акс эттирилиши кутилмоқда.

xabar.uz сайтидан олинди.