Келинингизни қизингиз ўрнига қўйинг

Келинингизни қизингиз ўрнига қўйинг. Ўғлингизни тортиб олди, деган ҳаёлга борманг.

 

Она келинини ўз қизидек яхши кўриши лозим. У энди бегона эмас, ўғлининг умр йўлдоши, невараларининг онаси саналади. Маълум ёшга келиб, йигит ҳам, қиз ҳам турмуш қуради. Янги турмуш орқали жамиятга яна бир оила қўшилади. Бу Аллоҳ таоло буюрган қоидадир.

 

Кўпинча тўйгача куёвнинг онаси бахтли ва хурсанд кўринади.

 

Бироқ тўйдан бир муддат ўтгач, келинида кўрган баъзи ҳаракатлар сабабли бу ҳурсандчилик ўжарликка айланади.

 

Унинг ичида қизғониш ҳисси уйғонади. Она ўғлининг ўзига аввалгидек яқин эмаслигини кўриб, айбни келинининг бўйнига илади ва: “У келиб ўғлимни тортиб олди”, деб айблай бошлайди.

 

Ваҳолангки, бу ҳаёт қонуни. Ўғли энди ёш бола эмас. Келин ҳам бегона эмас.

 

Шунга қарамай, баъзи оналарнинг келинларини қабул қилишлари қийин кечади. Бу ҳолат вақт ўтиши билан зулм ва босимга айланиши мумкин. Натижада қайнона-келин жанжали келиб чиқади. Бунга имкон бермаслик учун она келинини қизидек кўриши, ўғлини қизғонмаслиги керак.

 

Албатта, ҳеч бир она ўғлини келинидан қизғонишига ўзи иқрор бўлмайди. Балки келин билан ўрталаридаги келишмовчилик асосида ана шу қизғониш ётганини ҳам билмас.

 

Ўғлининг бахтли бўлишини истаган она энди аввалгидек бўлмаслигини, энди ўғлининг оиласи борлигини, улар оиласини ўз ҳолича бошқаришлари зарурлигини англаши лозим.

 

Ўртада қизғониш, ғийбат ва келишмовчиликлар содир бўлмаса,ўғли ва келини уни ҳурмат этиб, муносиб хизмат қилади. Айниқса, келинини бегона деб ўйлаш орқали ўғлини ҳам йўқотишини англаши керак.

 

Ўзини келинининг ўрнига қўйиб, ўзининг келинлик пайтини эслаб, масалага тўғри ёндашиши даркор.

 

“Бахтли оила” китобидан.

Келинингизни қизингиз ўрнига қўйинг