Бўш иш ўринлари нега яширилади?..

Самарқанд вилояти Тайлоқ туман бандликка кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқи инспектори Шаҳбоз Холиқуловнинг айтишича, фуқаролар мурожаатлари ҳамда олиб борилган таҳлиллар натижасикўпинча иш берувчи бўш иш ўрни тўғрисидаги маълумотни тақдим қилмаслиги ёки бу маълумотларда мавжуд бўш иш ўринлари кўрсатилмаслиги аниқланган. Асосий иш ҳақи юқори бўлган лавозимлар «таниш-билишлар» учун яшириб қолинади ва маоши паст бўлган иш ўринлари кўрсатилади.

Бундай ҳолат иш берувчининг қонун талабларини билмаслиги ёки тушунмаслиги натижасида келиб чиқади. Баъзан эса таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва мансабдор шахсларнинг бошқа шахсий манфаатлари устун қўйилади.

Бўш иш жойлари тўғрисидаги ахборотни яшириш, бўшатилиши мўлжалланаётган ходимлар тўғрисидаги ахборотларни меҳнат органига ўз вақтида тақдим этмаслик иш берувчи мансабдор шахсларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 229-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорида жарима солинишига олиб келади.

Тайлоқ туман бандликка кўмаклашиш марказининг давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан ўтган йилнинг декабрь ва жорий йилнинг январь ойи мобайнида бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаган ва бўш иш ўринларини яширган жами 15 нафар мансабдор шахсга нисбатан 7 миллион сўм­дан ортиқ маъмурий жарималар қўлланилди.

Аҳолини иш билан таъминлаш борасида олиб борилаётган давлат сиёсатига лоқайд муносабатда бўлган Тайлоқ туман тиббиёт бирлашмаси, 25-мактабгача таълим муассасаси, 20-, 49-ўрта умумтаълим мактаблари раҳбарлари бир миллион 647 минг сўм жарима тўлашга мажбур бўлди.

Маълумки, корхона, ташкилот ва муассасалар ҳар ойнинг 5-кунигача ўзларида мавжуд бўлган бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотни бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиши керак. Лекин январь ойида туманда фаолият юритаётган 12 корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарларининг бефарқлиги оқибатида маълумотлар тақдим этилмагани учун уларга жарима жазоси қўлланилди.

«Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ишлаб чиқилган низомга кўра, иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасига тегишли бадалларни тўловчи сифатида рўйхатга олинган (микрофирма ва кичик корхоналардан таш­қари) барча иш берувчилар ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги ҳамда мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши лозимлиги кўрсатилган.

2017 йил май ойидан бошлаб иш берувчилар учун бундай маълумотларни ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказларига интернет тармоғи орқали электрон тарзда тақдим этиш имконияти яратилди. Бу маълумотлар иш берувчиларда бўш иш жойлари мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам тақдим этилиши лозим.

Бўш иш жойлари тўғрисидаги ахборотни яшириш, бўшатилиши мўлжалланаётган ходимлар тўғрисидаги ахборотларни меҳнат органига ўз вақтида тақдим этмаслик иш берувчи мансабдор шахсларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ко­декс­нинг 229-моддасига асосан энг кам иш ҳа­қининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорида жарима солинишига олиб келади.

Мазкур қонунчиликка риоя қилиниши бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда фуқароларни иш билан таъминлашга имконият яратади.

Мақола «Ўзбекистон овози» газетасидан олинди.

Бўш иш ўринлари нега яширилади?..