Беқиёс ирода, бепоён иқтидор

Бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз ижоди, умр йўли, тарихда тутган ўрни билан ҳар биримиз ўргансак арзигулик мерос қолдириб кетган. Унинг ҳаёти шу қадар мазмунли ва мураккабки, бир инсон бунча синовларга дош бера олмайдигандек туюлади баъзида.

Бобур Мирзо ҳақида сўз кетганида кўпчилигимиз у зотни мунтазам қоғоз қораловчи ёши улуғ ижодкор, қудратли давлат тахтида мустаҳкам ўтирган барваста тождор, жангларда фақат ғалаба ёр бўлган саркарда сифатида тасаввур қиламиз.

Лекин Бобур бор-йўғи қирқ етти йил умр кўрган ва у ҳаёти поёнига етганида мана шу сатрларни ўқиётганларнинг кўпчилигидан ёшроқ бўлган. Қудратли давлат тахтида хотиржам давру даврон суриш ҳам унга фақат умрининг охиридагина насиб қилган. Шунда ҳам узлуксиз ички урушларни тинчитиш, янги тузумни барпо этиш, турмуш тарзи, дини ва маданияти мутлақо бегона халқлар ишончини қозониш Бобур Мирзонинг жуда кўп вақтини банд қилган. 

У олиб борган жангу-жадалларнинг ҳар бири алоҳида мавзу: бир сафар 250 аскари билан кўп минг кишилик қўшинга эга Самарқандни эгаллаб олган бўлса, яна бир сафар хиёнат туфайли Шайбонийхонга қарши муҳим жангни бой бериб, кўп йил саргардонликни бошдан кечиради. Шунингдек ислом динининг нозик нуқтаси ҳисобланган шиа-сунний ихтилофларига бош қўшиб, кейинчалик ўзи бу муаммонинг ечимини топа олмай қийналади. 

Яна Бобур Мирзонинг ҳаётини ўзгартириб юборган шундай тасодифлар борки, ҳозирги кун кўзи билан қараганда улар ҳам аянчли, ҳам ҳайратланарлидир. У илк тахтга ўтирган йилларида темурийларнинг тарихий пойтахти ҳисобланмиш Самарқандга юриш қилади ва бу ҳаракати самарасиз якунланиб, ёш ҳукмдор Андижонга қайтиб кетади (ўша давр нуқтаи назаридан қаралганда шаҳзодалар учун тахт талашиш, тахтга ўтирган шоҳлар учун юришлар қилиш мутлақо табиий ҳол эди. Бобурнинг ҳам Андижонда тинчгина ҳукмронлик қилмай ўз бобокалонлари марказига юриш қилишини тушуниш мумкин, чунки Бобур ўз тахтини мустаҳкамламаса, унинг ҳудудига уруш очишлари ҳеч гап эмас эди). Орадан бир йил ўтиб иккинчи марта уринишда кўп ойлик қамалдан кейин Самарқанд эгалланади ва Бобурнинг ихтиёрида катта ҳудудга эга давлат шаклланади. Аммо кўп ўтмай Андижонда Бобурдан аламзада Аҳмад Танбал иштирокида фитна уюштирилади ва унинг ўрнига тахтга укаси Жаҳонгир Мирзо ўтқазилади.

Самарқандга бу хабарни етказиш учун чопар йўллаганларида Андижон қўлдан кетиб бўлганидан бехабар, аммо фитнадан хабар топган Бобур Мирзо уни бостириш учун бутун қўшинларини тўплаб, Самарқандни ташлаб йўлга чиқиб бўлган эди. Ҳолбуки бир жумлагина мужда, биттагина хабар орқали Андижон қўлдан кетиб бўлгани, энди Самарқандни мустаҳкам сақлаш орқали пайтини топиб яхлитликни тиклаш кераклиги (ҳозирги кун нигоҳида бир қўнғироқ, интернет орқали бир тугма босганда кетувчи бир хабар...) етказилганида эди, Бобур Мирзо ватанда қолиши, шу ҳудудларда улуғ давлат тиклаши, умуман юртимиз тарихи буткул ўзгариб кетиши мумкин эди. 

Бу фақат биргина мағлубият эмасди, кейинчалик Самарқанд тахти билан бирга жондан азиз опаси Хонзода бегимдан айирган Сарипул жангида, Қизилқум чўлларида қизилбошлар билан иттифоқда бўлса-да Убайдуллохонга енгилганида ҳам, тоғларда тож-тахтсиз қувғинда юрганида ҳам унинг иродаси сўнмайди, бирор кун қаламини қўймайди. Ҳаётдаги ҳар бир синов уни фақат олға интилишга чорлайди. 

Айнан шу метин ирода туфайли тақдир унга ўн икки минг кишилик қўшин билан юз минглик ёвни енгиш, Ҳиндистондек қудратли давлатни фатҳ этиш, олис ўлкаларда узоқ йиллик сулолага асос солиш, тарихда ўчмас из қолдиришни раво кўрди. 

Умри жангу-жадалларда, узлуксиз юришларда ўтган Бобур Мирзога ораси етмиш кунгина бўлган икки ҳайит намозини бир жойда ўқиш насиб қилмаган, шоҳ бўлса-да у бирор ойни тўла-тўкис хотиржам ўтказмаган. Лекин шунга қарамай бепоён иқтидори туфайли Бобур Мирзо нафақат юртимиз, балки дунё тамаддуни тарихида ўчмас из қолдирди. Унинг қисқа умрида узлуксиз тобланиб борган беқиёс иродаси биз авлодларга ҳамиша сабоқ бўлиши лозим.

Аброр Зоҳидов