Алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

2018 йил 9 январда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун имзоланди. Қонунга кўра, Жиноят, Оила ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда белгиланган алимент масаласига оид нормалар ўзгартирилди, янги модда билан тўлдирилди.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун 15 суткага маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

Шунингдек, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

 

Жумладан, эндиликда Жиноят кодексига кўра моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ (олдин икки ой эди) муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса — икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади. (Янги таҳрирда 122-модданинг санкциясидан жарима ва мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазолар чиқарилган). 

 

Шунингдек, шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўласа, жавобгарликдан озод этилиши ҳам белгиланган.

 

Оила кодексининг 99-моддасида аввал ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги кераклиги белгиланган эди, янги таҳрирга кўра, ҳар бир бола учун алимент миқдори қонунчиликда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг 75 фоиздан кам бўлмаган миқдорда белгиланди.


xabar.uz сайтидан олинди.